Menyuni ko'rsatish
Ko'rildi: 399 marta03 фев 17:02Ijtimoiy soha Sog’likni saqlash

Нархи қанча дорини, айтинг?!

«Блокиум В12» деган дорининг ампуласи бор. Танишимга шифокорлар шу дорини тавсия қилишди. Аммо «Блокиум В12»нинг нархи жуда қиммат. Тўғри, бундай кезларда кўпчилик нархлар билан қизиқиб ўтирмайди. Бироқ биз арзонроқ дорихонани топармиз, деган илинжда шаҳар айландик.
Қизиғи шундаки, бир-бирига яқин дорихоналарда дорилар турли нархларда сотилмоқда. Улар орасидаги фарқ 15-20 минг сўмгача ёки ундан ҳам юқори. Хусусан, бир дорихонада у 292 минг сўм турса, бошқа дорихонада 302 минг 400 сўм. Дорини 350 минг сўмдан пуллаётган дорихоналарга ҳам кирдик.
Дарҳақиқат, бирор дори харид қилмоқчи бўлиб дорихонага қадам қўйган киши борки, сотувчидан камалак ранглари сингари турфа нархларни эшитади. Нисбатан арзон дори-дармонлар учун, эҳтимол, бу унчалик муҳим эмасдир. Бироқ эътибор берсак, препарат нархи қанча қиммат бўлса, дорихоналараро тафовут ҳам шунча ошиб боради.
Нархлар нега ҳар хил?
Келинг, айрим дориларнинг нархлари билан танишиб чиқсак.
«Биотамин» — 162 минг сўмдан 182 минг 520 сўмгача;
«Мускомед капс. 8 мг» — 58минг сўмдан 63минг сўмгача;
«Церетон амп. 250 мг» — 100минг сўмдан 112 минг сўмгача;
«Рексетин таб. 20 мг» — 114минг 400 сўмдан 130 минг сўмгача;
Ушбу дорилар пойтахтимиздаги айрим дорихоналардаги нарх-наволар. Агарда уларни республикамиз бўйлаб суриштирсангиз, шубҳасиз,янада «ранг-баранг»ликка гувоҳ бўласиз.
Мана, энди бошдан дўппини олиб, бир ўйлаб кўрайлик: битта дорида шунча фарқ кузатилган экан, хўш, қўлимизда узундан-узун рецепт бўлганида қандай рақамлар қуршовида қолардик? Нима учун битта фирма томонидан ишлаб чиқарилгандориларкатта фарқлар билан савдога қўйилмоқда? Бу гўёки бир дорихона иккинчи дорихонадан препаратни сотиб олиб, қайта савдога қўяётганга ўхшамайдими?
Нарх-наво қандай белгиланади?
Мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бугун улар ортиқча текширишлардан озод.Бироқ бу тадбиркорларга ўз маҳсулотларига исталган нарх-навони қўйиш ҳуқуқини бермайди. Айниқса, дорихона ишида.
Маълумки, дорихоналардан дорилар турли нарх ва шартларда харид қилинади. Бунда мавсумийлик, талаб ва таклиф каби омиллар, албатта, инобатга олинади. Айтайлик, бирор дорихона фирма ёки компаниядан дори сотиб олишига қараб, унга чегирма фоизи белгилайди. Бу эса ўз-ўзидан дориларнинг келгусидаги нархларига таъсир қилади. Яна бир гап. Айрим хусусий дорихоналар жойни ижарага олиб ишлатади. Қолаверса, «иккинчи қўл» масаласи ҳам бор. Бироқ бу омилларни ҳисобга олган тақдирда ҳам ўртадаги фарқ бунчалик катта бўлмаслиги керак. Демак, мижозларини йўқотиб қўйишни истамайдиган ҳар бир дорихона борки, ўша дорини «уч ёки тўртинчи қўлдан» харид қилмайди. Ўз навбатида, воситачи улгуржи ташкилот эканини инобатга олсак, у маҳсулотга 10-12 фоиздан ортиқ устама қўймайди.
Устамалар-чи?
Давлатимиз раҳбарининг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 20 июндаги «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талаби бекор қилинган.
Демак, ижтимоий аҳамиятга эга дорилар ва тиббий буюмларга улгуржи савдо корхоналари энг кўп — 15 фоизгача, чакана савдо корхоналари эса — 20 фоизгача устама қўйиши мумкин. Ижтимоий дорихоналарда эса ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларни сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз миқдорида янада паст чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилади.
Дорилар қиммат сотиладиган ҳудудлар
Айрим дори сотувчиларнинг таъкидлашича, нархларни, асосан, маркетологлар белгилайди. Дориларга баҳо қўйилаётган пайтда, қатор омиллар эътиборга олинади. Масалан, аҳоли зич жойлашган, серқатнов йўлаклар, бозор атрофидаги дорихоналарда ҳам нархлар четдагиларга қараганда қимматроқ юради.
Санжар ЖЎРАЕВ,
дорихона сотувчиси:
  • Аксарият истеъмолчи, даставвал телефон орқали дорининг нарх-навосини билиб, шунга қараб ўзига қулай жойдаги ва мақбул нархдагини олади. Баъзи дорилар бизда арзон, бошқа дорихонада бироз қиммат ёки аксинча бизда баланд нархлар кузатилиши мумкин. Шундай пайтларда харидорлар биз — сотувчиларни айблашади. Ҳолбуки, бу ҳолатни келтириб чиқарувчи қатор омиллар мавжуд. Хусусан, дори-дармон воситаларини тўғридан-тўғри, «биринчи қўл»дан сотиб олсак, унинг нархи арзонроқ бўлади. Аммо ҳар доим ҳам «биринчи қўл»дан харид қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун воситачи орқали олганимизда 10 фоизгача қимматга тушади. Нархнинг бироз кўтарилиши шундан. Қолаверса, дорихонани ижарага олиб ишлатаётган бўлсангиз, бу ҳам дориларнинг келгуси нархларига таъсир қилмасдан қолмайди.
Мутасаддилар нима дейди?
Фаррух МАДАМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ходими:
  • Меъёрий ҳужжатларга кўра, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ёки уларнинг айрим турларига қатъий чекланган чакана нарх белгиланмагани сабабли нархлар дорихоналарда (бир-биридан) бевосита фарқланиши мумкин. Ўз навбатида, қўмита томонидан фармацевтика фаолияти соҳасида иш юритувчи субъектлар ўртасида савдо қоидаларига риоя этиш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини шакллантиришда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилинишини таъминлаш юзасидан назорат, тушунтириш ва профилактика тадбирлари олиб борилмоқда.
Дарвоқе, айрим дорихоналарга кирсангиз, сўраган дорингиз йўқ бўлса ёки нархи қимматроқ бўлса сотувчи чаққонлик билан бошқасини тавсия этади. «Номи бошқа холос, таркиби бир хил», деб қўйишади фикрларини тасдиқлаб. Қизиқ, бу каби «бир хил» дориларнинг беморларга таъсири қандай бўлади?
Абдуқодир АМИНОВ,
«Дори-дармон» акциядорлик жамияти тижорат бўйича директори:
  • Ишлаб чиқарувчи корхоналар дори-дармон ва тиббиёт буюмларини харидорга бир хил нархда сотади. Бироқ ташкилотлар харажатларидан келиб чиққан ҳолда дориларга нарх белгилайди. Масалан, 5-6 нафар ходимга эга ташкилот, 50-60 киши ишлаб турган корхонага қараганда арзонроқ дори етказиб беради.
Қолаверса, айрим «тадбиркор»ларнинг айланма йўл орқали мамлакатимизга дори воситаларини олиб келиб, сотувга чиқараётгани ҳам тавофутни юзага олиб келмоқда. Энг ёмони шундаки, айрим дорихоналар етказиб берувчи ташкилот билан эмас, аксинча «қўл»дан арзонроқ олиш мақсадида, қалбаки дори воситаларини харид қилаётир. «Қўлбола» дорилар эса арзон. Шу каби омиллар дори-дармон маҳсулотлари ўртасидаги тафовутни келтириб чиқаради.
Дарвоқе 2018 йил давомида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган чора-тадбирлар натижасига кўра, 434 маротаба дори-дармон воситаларини айланма йўл орқали мамлакатимизга олиб киришга уринган «тадбиркор»ларнинг ҳаракатларига чек қўйилди.
Хулоса ўрнида
Демак, соҳада муаммолар оз эмас. Боиси «қонуний» йўл билан олиб кирилаётган дори воситалари ноқонуний савдосини тўсиб қўйишнинг тўлиқ олди олинмаган.Муаммо борлигини кўрсатиш билан иш битмайди, албатта. Шу боис хорижий ва маҳаллий фармацевтик компаниялар ўртасида дори етказиб бериш масаласида манфаатли ҳамкорлик амалга оширилиб, барчаси қонуний тус олса, юртимизга кириб келувчи дори воситаларининг нархи бироз тушармиди? Мақсадимиз — аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод келажаги ҳақида қайғуриш экан, тизимда йўл қўйилаётган муаммоларни бартараф этиш фурсати етди.
Шоҳруҳ САИДОВ
«Mahalla»
скачать dle 12.0

Печать
Izoh qoldiring
Ваше Имя:
Ваш E-Mail:
Код:
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Введите код:
Yangiliklar lentasi
Мудҳиш ЙТҲ натижасида икки киши қурбон бўлди15:49Беш нафар боксчимиз Таиланддаги “Қирол кубоги”да ярим финал учун рингга чиқади15:45Туркиядаги ЙТҲ оқибатида шифохонада ётган ўзбекистонлик аёл вафот этди11:32Бухорода “Ёш китобхон” танловининг саралаш тест босқичлари якунланди!15:48Ромитанлик ёшлар Камалакнинг туғулган кунини нишонлади (ФОТО)11:57Бухорода ёш китобхонлар беллашуви11:44«Ekvatorial Chodak group» корхонасига бизнес-саёҳати ташкил этилди!15:47Мулоқот минбарида ибратли оилалар вакиллари15:43Когон туманида 120 млн сўм миқдоридаги маблағ ёшларнинг таклифларини амалга оширишга сарфланадиган бўлди!15:40“Синовдан юксалишга қатъий қадам”15:33Шавкат Мирзиёев иқтисодиётнинг таянч нуқталарини кўрсатиб ўтди22:36Ташаббусда гап кўп!15:34Бухорода 304 173 923 сўм ёшлар манфаати учун сарфланди!15:31Уруш қатнашчиларининг самимиятга йўғрилган гаплари ёш авлод учун тарбия ва ибрат мактабидир!15:26Менинг овозим ҳал қилувчи кучга эгалигини билиб, масъулиятим ортди!17:13
@Islohotuz