Menyuni ko'rsatish
Ko'rildi: 280 marta21 фев 04:36Ijtimoiy soha

«Айланиб ўтинг, чуқурча бор...»

Тошкент вилояти Бўка туманидаги «4А728» қатнов йўли «Чўлобод» ва «Бўка» маҳалла фуқаролар йиғинларини туташтиради. Қарийб ўн йилдан бери таъмирланмаган 18 километр масофадаги йўлдан базўр юрасиз. Ҳайдовчилар эса ҳар ҳафтада автомашинасини таъмирлашга мажбур.
  • «Йўл азоби — гўр азоби» деганларича бор экан, — дейди ҳайдовчилардан бири. — Ҳар тонг ишга отланаману шу йўлдан юришга юрагим зирқирайди. Чунки ҳар нафасда ғилдиракларнинг оғриқли айланиши кўксингизга ботади. Кундуз куни йўлдаги ўнқир-чўнқирдан аранг ҳаракатланамиз. Тунда эса вазият янада оғирлашади. 2014 йили ҳашар йўли билан «чуқур»ларни тўлдирмоқчи бўлгандик. Аммо ҳокимлик вакиллари йўлни таъмирлаш Давлат дастурига киритилган, дея рухсат беришмади. Орадан тўрт йил ўтди ҳамки, бу ерда бирон иш қилинмади.
Ваҳоланки, йўл четида таълим муассасалари, жазони ижро этиш муассасаси, фермер хўжаликлари жойлашган. Маълум бўлишича, бир-икки йил аввал юқори ташкилотдан вакиллар келиши муносабати билан йўлнинг 2 километр масофасидаги «яма»ларга шағал ётқизилган. Афсус, вакиллар келмагач, бу ишлар ҳам якунига етмаган.
  • Йўлнинг носозлиги сабаб тунда касал бўлишга ҳаққимиз йўқ — дейди «Бўка» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жузимгул Асилова. — Қўшни маҳалладан бир соатда етиб келадиган «Тез ёрдам» машинаси ёғингарчилик кунлари ботқоқликдан юқорига чиқолмай сарсон бўлади. Кези келганда айтиш жоиз, шу қишлоққа келин бўлиб тушганимга қирқ йил бўлди. Бу вақт ичида кўчамизга на асфальт, на шағал тўкилди. Ёзда тиззамизгача тупроққа ботсак, қишда лойдан озор чекамиз. Салкам ярим километр масофадан минг азоб билан ичимлик суви ташиб ичамиз. Агар йўлларни таъмирлаш ишлари бошланса, биз ҳам қўлимиздан келганча ёрдамлашамиз.
Жорий йилда туман прокурори бошчилигидаги вакиллар йиғиндаги муаммоларни ўрганишди. Бундан хурсанд бўлган аҳоли қувончи шамдек ёндию ўчди. Камчиликлар аниқланган, аммо ечими қачон бўлиши катта сўроқ остида қолган. Хўш, бу йўллар қачон таъмирланади?
  • Ўтган йили мазкур йўлларни жорий таъмирлаш учун вилоят бошқармаси томонидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилганди, — дейди Бўка тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Дониёр Ўролов. — Маблағларни «Обод қишлоқ» дастурига киритилган ички йўлларга ҳамда хўжалик йўлларини таъмирлашга сарфладик. Мазкур йўналиш жорий йилнинг иккинчи чорагида таъмирланиши кўзда тутилган.
Бу яна олти ой давомида йўловчи ҳам, ҳайдовчи ҳам ўнқир-чўнқирлардан айланиб ўтиши кераклигини англатади. Ўрганишларимиз давомида туманнинг «Жўрабод» ва «Бахмал» маҳаллаларидаги асосий қатнов йўлларида ҳам шундай ҳолга гувоҳ бўлдик. Ўйлаймизки, мутасаддилар тез орада бу масалага эътибор қаратишади. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.
Нигора ЎРОЛОВА,
Манба: “Маҳалладош” интернет сайти
скачать dle 12.0

Печать
Izoh qoldiring
Ваше Имя:
Ваш E-Mail:
Код:
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Введите код:
Yangiliklar lentasi
“Иттифоқ” ва “Камалак” Сардорлари сайланди15:39Мудҳиш ЙТҲ натижасида икки киши қурбон бўлди15:49Беш нафар боксчимиз Таиланддаги “Қирол кубоги”да ярим финал учун рингга чиқади15:45Туркиядаги ЙТҲ оқибатида шифохонада ётган ўзбекистонлик аёл вафот этди11:32Бухорода “Ёш китобхон” танловининг саралаш тест босқичлари якунланди!15:48Ромитанлик ёшлар Камалакнинг туғулган кунини нишонлади (ФОТО)11:57Бухорода ёш китобхонлар беллашуви11:44«Ekvatorial Chodak group» корхонасига бизнес-саёҳати ташкил этилди!15:47Мулоқот минбарида ибратли оилалар вакиллари15:43Когон туманида 120 млн сўм миқдоридаги маблағ ёшларнинг таклифларини амалга оширишга сарфланадиган бўлди!15:40“Синовдан юксалишга қатъий қадам”15:33Шавкат Мирзиёев иқтисодиётнинг таянч нуқталарини кўрсатиб ўтди22:36Ташаббусда гап кўп!15:34Бухорода 304 173 923 сўм ёшлар манфаати учун сарфланди!15:31Уруш қатнашчиларининг самимиятга йўғрилган гаплари ёш авлод учун тарбия ва ибрат мактабидир!15:26
@Islohotuz