Menyuni ko'rsatish
Ko'rildi: 404 marta21 фев 05:57Ijtimoiy soha

Самарқандда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик кўпайган. Нега?

Аёл — жамият гултожи, оила фариштаси. У — гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзи. Жонидан жон бериб фарзандни дунёга келтирган, боласининг табассуми учун ҳаловатидан кечадиган меҳрибон ва мушфиқ зот. Аммо, минг афсуски, бундай юксак мартабага барча аёллар ҳам муносиб эмас.
Кейинги пайтларда Самарқанд вилоятида хотин-қизлар ўртасидаги жиноятлар ҳақида кўп эшитяпмиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бир-биридан мудҳиш хабарлар «қаҳрамонлари»нинг аксарияти самарқандлик хотин-қизлардир. Фарзандларини ўлдирган она, эрининг қотилига айланган аёл, қайнонасининг жасадини яширган келин... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси — хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар хусусида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова билан фикрлашдик.
Аёл ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди
  • Инсон ҳеч қачон жиноятчи бўлиб туғилмайди, — дейди Г.Алимова. — Бунга унингтарбияси, оилавий ва ташқи муҳит, атрофидаги кишиларнинг қарашлари ва жамиятда тутган ўрни ҳам таъсир кўрсатади. Энг ачинарлиси, баъзида ўз ҳуқуқларини яхши билмасдан жиноятга қўл урадиганлар ҳам бор. Лекин баъзи аёлларнинг оғир жиноятларга қўл ураётгани аччиқ ҳақиқатдир.
Минг афсуски, маиший масалаларда қайнона ёки бошқаларнинг аралашуви бизда кучли, бундан ташқари, бу борада айрим йигитларнинг мустақил фикри йўқ. Бу эса аёлни жиноятга ундовчи омиллардан бири. Маълумотлар ўрганилганда аён бўлдики, хотин-қизлар томонидан, асосан, фирибгарлик, иқтисодий ва ўғрилик жиноятлари содир этилмоқда. Мисол учун, энг катта фирибгарлик иши Пай­ариқ тумани Челак шаҳридаги аёл томонидан содир этилиб, у юзлаб кишиларнинг маблағини алдов йўли билан ўзлаштирган.
Бандлигига етарлича эътибор берилмаётгани боис ўтган йили Самарқандда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 486 тани ташкил этган. Ушбу жиноятларнинг 177 таси Самарқанд шаҳрида юз берган. Хотин-қизлар ўртасида профилактик тадбирлар талаб даражасида ташкил этилмагани оқибатида жиноятчиликУргут туманида 6 тага ошган.
Туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари томонидан жойлардаги ҳуқуқ-тартибот органлари, мутасадди ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликнинг изчил йўлга қўйилмагани боис ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган хотин-қизлар 643 нафарга, оила, турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарлик содир этгани учун профилактик ҳисобга олинганлар 145 нафарга, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи оилалар 470 тага ошган. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳеч қайси туман ёки шаҳримизда талабга жавоб бермайди.
Маҳалла — энг катта тарбиячи
Самарқанд вилояти маҳаллаларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича 1 минг 89 та мутахассис штати ташкил этилган. Айни лавозимда ишлаётганларнинг фаолиятлари ўрганилганда, улардан 527 нафари яхши, 454 нафари қониқарли, 79 нафари эса қониқарсиз ишлаётгани ойдинлашди. Нафақат қониқарсиз, балки қониқарли, деб топилган мутахассисларнинг ҳам иш фаолиятини жонлантириш керак. Чунки айнан улар хотин-қизлар билан иш олиб боради, самарали фаолият юритсаларгина жиноятларнинг олди олинади.
Маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари орқали ажрашиш ёқасига келиб қолган 1853 та оила аниқланиб, уларнинг низолашув сабаблари ўрганилди,
1168 таси яраштирилиб, ажрашиб кетишларининг олди олинди. Баъзан оилавий ажримлардан сўнг аёллар ўртасида жиноятга қўл уриш ҳолати кузатилмоқда.
Шаръий никоҳ — аёлларнинг қонуний ҳуқуқларини чеклайди
Уйма-уй юриш жараёнида вилоятда ўтган йил давомида 4732 та шаръий никоҳ билан яшаб келаётган оила аниқланиб, шу пайтгача улардан 3903 тасининг никоҳи қонунийлаштирилди.
Маҳаллаларда оилаларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги тушунтириш ишлари талабга жавоб бермайди. Биргина Пастдарғом тумани «Қоровул тепа» маҳалласидаги аёлнинг икки гўдагини ўлдириши барчани ларзага солди. Худди шундай Тойлоқ туманида аёл ўз боласини сотаётган пайтда қўлга олиниб, қонун олдида жавоб берди. Бундай ҳолатлар жамиятнинг оғриқли нуқтасидир.
Қўшработ туманидаги вазият ўрганилганда 34 нафар шаръий никоҳ билан яшаб келаётган фуқаролардан 13 нафари илгариги оиласидан ажрашмаган, 66 нафар боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси олинмаган. Туман марказидан 60-100 км. масофа узоқда жойлашган қишлоқларда 12 нафар бола уйида туғилган, уларнинг ҳужжатлари йўқлиги боис туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилмаган.
Пайариқ туманида ота ёки она биринчи турмушидан қонуний ажрашмасдан бошқа биров билан турмуш қургани фарзандининг туғилганлик гувоҳномасини ўз вақтида олмаслигига ҳамда оталикни белгилаш, ёлғиз она сонининг кўпайишига, ажралишлар кўрсаткичининг ошишига сабаб бўлиб келмоқда.
Аёл қийин вазиятга тушса...
Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг 2018 йил 2 июлдаги «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида зўрлик ишлатишдан жабр кўрганларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ташкил этилди, барча шарт-шароитлар яратилди.
Албатта, марказлар биносини намунали кўринишга келтириш мумкин, аммо жойлардаги масъуллар марказларнинг фаолиятини жамоатчилик асосида жонлантириши муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд шаҳар Фарҳод шаҳарчасидаги «Чўпонота» маҳалласида «Умид» аёллар ижтимоий мослашув марказида яшаш учун барча шароитлар муҳайё: ошхона, ётоқхона, болалар, тиббиёт хонаси, психолог, ҳуқуқшунос хоналари ташкил этилган. Қийин вазиятга тушиб қолган аёллар бу ерда тикувчилик, сартарошлик каби ҳунарларни ўрганишади. Аёллар ижтимоий мослашув марказлари ташкил этилганидан бери бу ерга 217 нафар хотин-қиз мурожаат қилган. Уларнинг 87 нафарига тиббий, 35 нафарига ҳуқуқий, 16 нафарига кредит олишда ёрдамлашилган. 12 нафар аёл турмуш ўртоғи билан яраштирилган.
Жиноятнинг олдини олишимиз керак
Маълумотларга кўра, аёллар ўртасидаги жиноятларнинг 80 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар содир этмоқда. Аслида жиноятчиликнинг олдини олиш учун нафақат мутасадди ташкилотлар ёки маҳалла фаоллари, балки ҳар биримиз масъулият билан курашсак саъй-ҳаракатлар самара беради. Акс ҳолда, аёллар «қотил», «фирибгар», «жиноятчи» деган тавқи лаънатга дучор бўлаверадилар.
«Mahalla» мухбири
Нилуфар ЮНУСОВА ёзиб олди
скачать dle 12.0

Печать
Izoh qoldiring
Ваше Имя:
Ваш E-Mail:
Код:
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Введите код:
Yangiliklar lentasi
“Иттифоқ” ва “Камалак” Сардорлари сайланди15:39Мудҳиш ЙТҲ натижасида икки киши қурбон бўлди15:49Беш нафар боксчимиз Таиланддаги “Қирол кубоги”да ярим финал учун рингга чиқади15:45Туркиядаги ЙТҲ оқибатида шифохонада ётган ўзбекистонлик аёл вафот этди11:32Бухорода “Ёш китобхон” танловининг саралаш тест босқичлари якунланди!15:48Ромитанлик ёшлар Камалакнинг туғулган кунини нишонлади (ФОТО)11:57Бухорода ёш китобхонлар беллашуви11:44«Ekvatorial Chodak group» корхонасига бизнес-саёҳати ташкил этилди!15:47Мулоқот минбарида ибратли оилалар вакиллари15:43Когон туманида 120 млн сўм миқдоридаги маблағ ёшларнинг таклифларини амалга оширишга сарфланадиган бўлди!15:40“Синовдан юксалишга қатъий қадам”15:33Шавкат Мирзиёев иқтисодиётнинг таянч нуқталарини кўрсатиб ўтди22:36Ташаббусда гап кўп!15:34Бухорода 304 173 923 сўм ёшлар манфаати учун сарфланди!15:31Уруш қатнашчиларининг самимиятга йўғрилган гаплари ёш авлод учун тарбия ва ибрат мактабидир!15:26
@Islohotuz