Хотира – абадий, қадр – муқаддас. Бугунги тинч, дориламон кунлар, хотиржам ҳаёт учун, фаровон келажак учун аждодларимиз, ўз даврида тинчлик учун ёшлигини, навқиронлиги, жонини фидо этган ота-боболаримиз руҳи олдида қарздормиз. Қолаверса, фақатгина уруш майдонларида эмас, балки фронт ортида ҳам ғалаба учун курашган юртдошларимизнинг меҳнатларини қадрлашимиз лозим.
Шу муносабат билан Бухоро ёшлар марказида шараф ленталарини тақиш акцияси ўтказилди. Унда уруш фахрийлари, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, санъат ва маданият ходимлари ва ёшлар иштирок этишди.
Акция давомида ёш-у қари уруш қурбонлари, орзу-истакларини тинчлик ва озодлик йўлида қурбон қилганлар хотирасини ёдга олиб, бир-бирининг кўксига фахр ва ғурур ила шараф ленталарини тақишди.
Шу билан бир қаторда, ҳарбий оркестр томонидан тинчлик ва мустақилликни, ғалаба нашидасини тараннум этган куйлар кўпчиликда байрамона кайфият бағишлади.
Акция Бухоро шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактаби ва вилоят Давлат хизматлари агентлигида кўтаринки кайфиятда давом этди.
-Бу каби ўтказиладиган акциялар эса биз ёшларда тинчликни асраш, уни кўз қорачиғидек қадрлаш каби туйғуларни ўстирибгина қолмай, балки биздаги масъулият, ота-она, оила, маҳалла, Ватан олдидаги комил инсон бўлишдек масъулиятимизни ҳам янада орттиради, - дейди акция иштирокчиларидан бири Дилшодбек Баҳромбеков. Зеро, II жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт орти фахрийларининг дуосини олиш, улардаги шукроналик туйғуси, самимиятга йўгърилган гаплари, хотиралари мен ва тенгдошларим учун ибрат ва тарбия мактабидир.



скачать dle 12.0
Печать