Маълумки, муҳтарам юртбошимиз ҳар бир учрашув, ҳаттоки давлат ташрифи билан чет эл сафарларида бўлганларида ҳам биринчи навбатда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратадилар. Ҳеч бир йиғилиш ёки учрашув йўқки, унда ёшлар сиёсати асосий мавзу ва вазифа сифатида кўтарилмаган бўлса.
Мана шундай эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир исботи “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2018 йилдан бошлаб ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг шартнома пулининг 35 фоизи Ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилишидир.
Бугун Бухоро ёшлар марказида айнан мана шу лойиҳалар совриндорларига тантанали сертификатлар топшириш маросими ўтказилди.
2018 йилда Бухоро вилоятида мавжуд 4 та олий таълим муассассидан166 нафар иттифоқ тизимида фаол талабалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан моддий қўллаб-қувватланган бўлса, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 97 нафарни ташкил қилди. Ушбу имкониятдан фойдаланиш истагини билдириб жами 476 нафар аълочи талабалар ариза топширган бўлиб, уларнинг 20,3 фоизигина бу бахтга муяссар бўлди.
Яъни, ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олувчи 97 нафар фаол талабалар учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 304 173 923 сўм миқдорида жами тўлов контракт пулларининг 35 фоизи тўлаб берилди.
Албатта, бу ҳам мамлакатимизда ёшлар камолоти, уларнинг фаровон келажаги учун давлатимиз раҳбари томонидан одилона юртилаётган сиёсатнинг маҳсулидир.
Маросим давомида Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг гўзал рақслари билан бир қаторда, “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари чиқишларининг қувноқ ҳазиллари намойиш этилди.